Ўз фаолияти давомида Ўзбекистон География жамияти хорижий географлар билан илмий ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор берди. Жумладан, кўп томонлама муносабатлар Россия Федерацияси географлари билан ўрнатилди. 2015 йил октябрь ойида Москва шаҳрида Рус География жамиятининг 170-йиллигига бағишланган халқаро фестивалда Рус География жамияти Президенти С.К.Шойгу ва Ўзбекистон География жамияти раиси А.С.Солиев иштирокида ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.
Ўзбекистон География жамияти ва Рус География жамияти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида россиялик географлар ўз тадқиқотлари натижаларини “Ўзбекистон География жамияти ахбороти” журналида, Ўзбекистонда география бўйича ўтказиладиган халқаро ва республика илмий конференция материаллари тўпламларида, республикамиз географлари эса ўзларининг илмий ишларини Россиянинг илмий журналлари ва тўпламларида нашр этмоқдалар.