«Туркий давлатлар география кенгаши ташкил этилди»
Жорий йилнинг 8 май куни Тошкент шаҳридаги «Ҳилтон» меҳмонхонасида «Туркий давлатлар география кенгаши»нинг (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) Таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия география жамиятлари раҳбарлари, Туркий давлатлар ташкилоти вакили, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқалар иштирок этди.
Хабарингиз бор, 2022 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлат раҳбарларининг саммити доирасида турли фаолият соҳаларида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Бундан ташқари, «Турк дунё нигоҳи-2040» ва «Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига раислик концепцияси» ҳужжатларидан келиб чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва халқлар ўртасидаги ҳамкорлик ва дипломатияни ривожлантириш, жумладан, ижтимоий, маданий ҳамкорликни кенгайтириш, Туркий давлатлар география жамиятлари ўртасидаги бирлик туйғусини янада бойитиш, шунингдек, ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон География жамияти Туркий Давлатлар География Кенгашини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Йиғилиш доирасида Кенгашни ташкил этиш тўғрисида “Тошкент” битими имзонланди, ҳамда унинг истиқболдаги мақсад ва вазифалари белгилаб олинди. Шунингдек, Кенгашнинг режалари ва фаолиятини мувофиқлаштириш юзасидан келишиб олинди. Кенгаш Бош котиби этиб, Ўзбекистон география жамияти раиси - иқтисод фанлари фалсафа доктори Норинбаев Ойбек Кабилжанович сайланди. Кенгаш котибияти штаб-квартирасини ташкил этиш ва уни Тошкент шахрида жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Кенгаш Бош котиби, Ойбек Кабилжанович Норинбаев Туркий Давлатлар География Жамиятларининг раҳбарларига учрашувда иштирок этаётганликларига ҳамда ушбу Кенгашни тузиш юзасидан Ўзбекистон География жамияти томонидан кўрсатилган ташаббусини қўллаб-қувватлаганликлари учун ўз миннатдорчилигини билдирди.
Шу билан бир қаторда Бош котиб, “Ўрта асрларда яшаб ижод этган буюк шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, уларнинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамиятини янада теран англаш, тадқиқ этиш ва оммалаштиришга қаратилган саъй-харакатларга янги туртки бериш муҳимлиги, ҳамда аждодларимиз томонидан амалга оширилган кашфиётлар замонавий илм-фан ва тараққиёт учун нақадар долзарб ва зарур эканлигини, Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланишини ва ана шундай бебаҳо меросни сақлаб қолиш, уни чуқур ўрганиб, келгуси авлодларимизга безавол етказиш барчамиз учун асосий вазифалардан бири эканлигини, Қадимдан дунё илм ва билимининг бешигини тебратган Туркий дунё яна қайтадан инсоният учун барча билимлар борасида машъал вазифасини бажаришига ишонишларини билдириб, мазкур мақсад ва вазифаларга эришишда ушбу Кенгаш Туркий давлатлар география жамиятларини ўзаро ҳамкорлик қилишларида самарали платформа бўлиб хизмат қилишини” алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Кенгашнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилар:
- География, геоекология ва бошқа умумий манфаатдор соҳаларда самарали минтақавий ва ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш;
- география соҳасидаги билимларни кенг тарқатиш, географик ва экологик дунёқараш шаклланишини қўллаб-қувватлаш;
- Геодезик-картографик тадқиқотларни ҳамкорликда бажариш ва маълумотларни ўзаро алмашиш;
- фан, техника, география, таълим, маданият, экология, соҳаларида ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва қулай шарт-шароитларни яратиш;
- Туркий давлатларнинг география сохасидаги, илм-фан, инновациялар ва технологиялардаги ютуқларини ўртоқлашиш ва уларни ҳамкорликда тадбиқ этиб бориш;
- Географик хариталар, жой планини олиш, ер қобиқлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари, йил фаслларининг алмашиши, табиат зоналари, дарёлар, кўллар, релъеф шакллари ва ер юзи аҳолиси хақидаги маълумотларни ўзаро ўрганиш;
- Ер юзаси табиатини, иқлими ва унинг хўжалик фаолиятини ҳамда табиий ва ижтимоий мухитнинг ўзгаришини баҳолаш ва башорат қилиб бориш ва уларнинг ечимларини топишда кўмаклашиш;
- Ўзаро соҳага оид долзарб маслаларда илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш ҳамда малака алмашиш;
- Фан олимпиадаларини, мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш. Халқаро олимпиада иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш;
- Туркий давлатлар география жамиятларининг илмий мақолаларини ва журналларини биргаликда нашр қилиш ҳамда унинг нуфузини ошириш;
- Ҳамкорликнинг бошқа истиқболли соҳаларини ривожлантириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш.
Йиғилишда Туркий давлатлар география жамиятлари раҳбарлари ўз чиқишларида, Ўзбекистон География жамияти томонидан Кенгаш тузиш юзасидан кўрсатилган ташаббусни юқори баҳолаб, география жамиятлари илк бор шундай форматда учрашаётганликларини ҳамда ушбу Кенгаш география ва ўзаро ҳамкорлик йуналишида янги поғонага олиб чиқишида катта туртки бўлишини ва келгусида салмоқли ютуқларга эришилишини таъкидлаб ўтдилар. Бундан ташқари, йиғилишнинг юқори савияда ташкил этилганлигига алоҳида миннатдорчилик билдирдилар.